Уз ишим - бизнесимни яратиш орзу ва мақсади доимо мени олға етаклади, аммо мен ҳаётини далада меҳнат қилиб кечирган содда, хокисор инсонлар фарзанди бўлганим учун, бу ҳақда жиддий ўйлашга имконим бўлмаган. Тасодиф мени бу йўлга жадаллатди. Кунлардан бир кун биз - оддий ишчилар гуруҳи Тошкентнинг Италиядан келтирилган қурилиш материаллари билан савдо юритувчи жуда яхши дўконга кирдик. Дўкон маслаҳатчилари истиқболли мижозлар билан ўта банд бўлганларидан бизга эътибор ҳам қилмадилар. Бу кўнглимга оғир ботди. Шунда илк бор ўйлаб қолдим: шуларга ўхшаш маҳсулотларни ўз юртимизда ишлаб чиқарсак бўлмасмикан?
БОЗОРНИ ЎРГАНДИК: бизда чет элдан келтирилган жаҳон миқёсидаги ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари кенг тарқалган. Дастлабки қадамга ярим йил керак бўлди: аввал ўз кучимизни синаб кўрдик, тест намуналарини чиқардик, юқори сифат даражасини қўлга киритишга кўп уриндик, ўз устимизда ишлаш ҳамда маҳсулотни мукаммаллаштиришда тинмай изланишлар олиб бордик. Бу, албатта, осон бўлмади. Ишнинг натижаси дарров яхши чиқмади, аммо синовлар, тузатилган хатолар оқибатида аъло якунларни қўлга киритдик. Энди иш жараёнини таг - тубидан аниқ биламан, чунки нозик томонларини ҳис этиб, жараённи ўзлаштириб ишни ибтидосидан бошладим. Илк бор маҳсулотимни яхши баҳолаб, харид қилган мижозимни ҳалигача унутмайман...
Аста - секин буюртмалар тушиб, талаб ҳам ўса бошлади, ишларимиз юришиб кетди: бугунги кунда барча қурилиш материаллари савдо шахобчаларида маҳсулотимиз талабга сазовор бўлмоқда, ўзимизнинг фирма дўконимиз ва омборимиз бор. Тошкентда корхонанинг тараққий этиш стратегияси билан шуғулланувчи офис қуряпмиз, ишлаб чиқариш жараёни эса Ватанимизда ишловчилар учун яхши йўлга қўйилган.
ИШЧИЛАРИМГА ЎЗИМ ИШ ЎРГАТАМАН, зарурат бўлса, дарҳол махсус иш кийимларини кийиб, улар билан сидқидилдан бирга ишлайман. Ишлаб чиқаришдаги ишларни укам бошқаради, мен эса савдони бошқараман, тартибга соламан, мижозлар топаман. Бунинг устига мен маркетолог, мол сотиш бўлими ходими, технолог, ҳам устозман. Ҳозир бу лавозимларга малакали мутахассисларни олиш имконияти туғилди, бизнес эндигина оёққа тураётган пайтларда ҳаммасини ўзим эплашимга тўғри келганди.
БИЗ МАҲСУЛОТИМИЗГА ЎН ЙИЛ МУДДАТГА КАФОЛАТ БЕРАМИЗ. Бу муддатни ҳисоблаб чиқиш учун синовлар, тестларни йилнинг тўлиқ даврлари - қиш, баҳор, ёз, куз фасллари давомида ўтказдик, натижаларни таҳлил қилдик, танқидий ёндашдик, муайян муддатга мўлжал қилдик, эндиликда бўлса, кафолат муддатига шубҳаланмай кафолат бера оламиз.
МЕНГА ТИНЧЛИК БЕРМАЙДИГАН ФИКР: мен билан ёнма - ён, кўчам, шаҳримда истиқомат қи-лаётган инсонларни иш билан таъминлаш бўлди. Ҳозир бизда фақат бештагина иш жойи мавжуд, аммо биз қўшимча керакли штатлар яратишга аллақачон шай турибмиз. Инсон фаровон ҳаёт кечириши ҳамда оиласини етарлича таъминлаши учун қанча пул кераклигини яхши биламан, англаб етганман. Шулардан келиб чиққан ҳолда иш ҳаққини шундай белгилаш керакки, уни олган ишчи оиласи ҳаражатларини қоплаб, рафиқаси, болалари, ота - онасини кераклича таъминлай олсин. Бундай ёндашиш хатто иш жойлар сони жуда кўпайиб кетса ҳамки, доим ҳукм суради, деган фикрдаман. Ватандошларим юртимиз ва яқинларидан узоқда эмас, балки келажаги буюк Ўзбекистонимизда ишлашларини ҳамиша орзу қиламан. Мен билан ишлаётганлар мўл - кўлчиликда яшаётганларини билиб, бунда менинг ҳам ҳиссам борлигидан кўнглим хотиржам бўлади.
МЕН ЭНДИ ХАЙРЛИ ЙЎЛ БОШИДАМАН, тинимсиз ўрганаман, хали келгусида қилинадиган ишлар кўп, қанча ўзлаштириладиган нарсалар бор. Ишлаб чиқариш даражасини юқори поғоналарга кўтариш мақсади билан тажрибаларда, иш жараёнида кенгроқ билим оляпман, ўрганаяпман. Интернетдаги махсус сервислардан маълумотларни йиғаман, сўнгра синаб кўраман ҳамда назарияни амалда мустаҳкамлайман. Яқин кунларда малакани ошириш мақсадида Ўзбекистон савдо - саноат палатасининг тадбиркорларга тақдим этадиган гранти бўйича чет элга бориб ўқиб келишни режалаштиряпман. Европа завод ва фабрикаларида маслаҳат ва тавсиялар олиш, бутун ишлаб чиқариш жараёнини ўз кўзларингиз билан кўриш - бебаҳо тажрибадир.
КЕЛАЖАККА УЛКАН РЕЖАЛАР ТУЗЯПМАН, агар улардан ярмини амалга оширолсам, айни муддао бўларди. Айтадиларку: «Яхши ният - ярим давлат»,- деб. Ниятим бундай: қурилиш коллежлари ва институт талабаларини йиғиб, уларни материаллар билан таъминлаб, иш шароитини яратиб, маҳсулотимиз билан таништирилса, уни қандай ишлатилишини яққол кўрсатилса. Конкурс эълон қилиниб, қандайдир инновацион усул ёки ноёб қурилиш технологиси яратган талабага 10 000 000 сўм миқдорида мукофот тақдим қилинса.
АСЛ ОРЗУИМ - ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш жойлари яратиш, ўз ватандошларимни кенг кўламда иш билан таъминлашдир.